Президентимизнинг 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи, айниқса, маънавий-маърифий соҳада жуда самарали кечди. Шавкат Мирзиёев Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасида ҳам бўлди. Бу ерда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиб, маърифатпарвар аллома Ибрат домлага чексиз эҳтиром кўрсатдилар.

Ташриф чоғида Исҳоқхон Ибрат музейига ҳам кириб, буюк аждодимизнинг ҳаёти, ижоди ва фаолиятига доир тарихий ашёларни катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Наманган давлат университети таянч докторанти, ёш олим Сардор Рустамов педагогика йўналишида илмий изланишлар олиб бориш билан бир қаторда, тарих, сиёсат ва адабиётни уйғунлаштиришга интилмоқда.

Шу куни у Президентимизга музейда Ибрат домла тўғрисида манбаларга таянган ҳолда, гидлик вазифасини ҳам намунали уддалади. Қолаверса, ёш олим улуғ ватандошимизнинг ёзган китоблари, унинг халққа илмни тарғиб қилишдаги саъй-ҳаракатлари хусусида телевидение орқали ҳам муваффақиятли чиқиш қилди.

- Муҳтарам Президентимизнинг ташрифи мажмуага файз бағишлади. Уларнинг юзларида Ибрат домлага бўлган алоҳида ҳурмат ифодаси яққол сезилиб турди. Буюк аждодимиз қолдирган улкан маънавий мерос ҳақида иштиёқ билан гапириб бердим, - дейди Сардор Рустамов. - Дунёвий билимларни чуқур ўрганган, 7 та тилни билган, серқирра ижодкор, олим ва шоир, сайёҳ, педагог Исҳоқхон Тўра Ибратнинг "Олти тилли луғат", "Хатлар мажмуи", "Тарихи Фарғона", "Тарихи маданият", "Замон тарозуси" каби 14 та тилшуносликка оид, илмий-тарихий, бадиий ҳамда маърифий асарларини кўрсатиб, улар ҳақида қисқача сўзлаб бердим. Шунда Президентимиз Ибрат домланинг кўплаб китоблари қатағон йиллари ёқиб ва кўмиб юборилганини, бу катта йўқотиш бўлганини афсус билан қўшимча қилдилар. Айниқса, аждодимизнинг архитектура ва дизайн масалаларидаги ёндашувлари акс этган лойиҳани кузатиб, унинг бу тажрибасини ҳам кенг ёйиш ва ўрганиш зарурлигини уқтирдилар.

Дарҳақиқат, Ибратнинг илк матбаачи, янги усулдаги мактаб асосчиси сифатидаги бемисл хизматлари таҳсинга сазовор. У 1908 йилда Оренбург шаҳридан литографик машина харид қилиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонгача эса туяларга ортиб, минг машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида "Исҳоқия босмахонаси"ни очган. Бу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатиб келган ва у ерда турли илмий-маърифий китоб ва рисолалар, миллий газеталар чоп этилган.

Ибрат чин қалбдан ўз халқининг илмли, маърифатли бўлишини истади. "Туркистон вилояти газети", "Садои Туркистон", "Садои Фарғона" газеталарига ёзган мақолаларида фан, маърифат ва маданиятни тарғиб этган. Улуғ аждодимизнинг шоир сифатида ҳам кўплаб шеърлар яратгани, ҳатто девон тузганлиги ҳақида маълумотлар бор, лекин "Девони Ибрат" бизгача етиб келмаган. Фақат ўша давр матбуотида эълон қилинган шеърларигина сақланиб қолган. Ибратнинг миллий кутубхона, китобхонлик ишларининг илк ташкилотчиси ва тарғиботчиси борасидаги ишлари ҳам беқиёсдир. У асос солган "Кутубхонаи Исъҳоқия" фонди бу жиҳатдан анча бой бўлиб, китоб бериш ва олиш маълум тартиб-қоида асосида йўлга қўйилган эди.

Эзгу ва хайрли ишлари туфайли халқ ҳурматини қозониб, қозилик даражасига кўтарилган Ибратнинг илм-фан, маданият, мактаб-маориф соҳасидаги жонбозлиги айрим ғаламис мутаассибларнинг ғайрли муносабатлари туфайли кўп тўсиқларга учради. Ибратнинг сўнгги йиллардаги ҳаёти анча таҳликали ўтди. 1935 йилдан у ҳамма лавозимлардан олиб ташланди. 1937 йилнинг апрель ойида 75 ёшли кекса шоир ва маърифатпарварни ҳибсга оладилар. Ибрат Андижон турмасида вафот этади.

Ёш олим ва гид Сардор Рустамовнинг қайд этишича, мазкур музейдан буюк аждодимизнинг қўлёзмалари, рисолалари, фойдаланган буюмлари, суратлари, либослари, ўқув қуроллари ва уй-рўзғор жиҳозлари ҳамда қимматли ва нодир манбалар ўрин олган.

Исҳоқхон Ибрат музейи билан танишув асносида Президентимиз вилоят зиёлилари, нуронийлар ва алломанинг авлодлари билан ҳам самимий мулоқот қурдилар. Бу учрашувда давлатимиз раҳбари билдирган қуйидаги фикрлар ҳаммамизни ҳаяжонга солди: "Мен Ибрат домла ҳақида кўп-кўп ўқияпман. Унинг эл-юртимиз тараққиёти йўлидаги фидокорона хизматлари нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда. Шундай буюк аждоди борлиги билан наманганликлар ҳар қанча фахрланса арзийди ва ёшларимиз ҳам шунга муносиб бўлишлари керак!".

Ҳа, Ибрат домланинг орзулари ушалди. Президентимиз Ибратни бизга қайтариб бердилар. Унинг тарихий аҳамиятга молик ишлари эътироф этилиб, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида Исҳоқхон Ибрат хотирасини абадийлаштириш юзасидан улкан мажмуа барпо этилгани бунинг ҳаётий далилидир.

Орифжон Жўраев, журналист.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.